среда, 30 мая 2018 г.

Қонуннинг мартабаси улуғ бўлиши керак ёки «Автотест»дан бошланган машмашани чиройли якунлаш ҳақида

Қонун барча учун баробар амал қилиниши лозим бўлган ирода. Баъзида ғирромликлар ҳам қонунлаштирилади ва барчага бирдек ижро қилдирилади. Бундай қонунлар уни чиқарган органнинг обрўсини туширади. Айниқса, реал ҳолатни ҳисобга олмай чиқарилган Қонун (Қарор)лар бўлса.
Бундан бир неча йил олдин Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Молиявий сектори бош-қош бўлиб тайёрлаган, биринчи эшитган одамларни қувонтирадиган 2014 йил 31 июль 209-сонли Қарорини эълон қилди. Қарорнинг номи «ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ 1992 ЙИЛГИ 12 ФОИЗЛИ ИЧКИ ЮТУҚЛИ ЗАЁМИ ОБЛИГАЦИЯЛАРИНИ ИНДЕКСАЦИЯ ҚИЛИШ КОЕФФИЦИЕНТЛАРИНИ БЕЛГИЛАШ ТЎҒРИСИДА» деб номланарди. (Эсимда, отам раҳматликнинг совет замонидаям заёмлари бўлар, ҳар тиражда битта иккита заёмга ютуқ чиқар, Тошкентга ўқишга кетаётганимизда баъзи-баъзида ўша ютуқли заёмларни олиб кетардик). Қарор матни рус тилида бўлганлиги учун укам унчалик тушунмаганми, менга телефон қилиб 
«Ака, отамдан қолган заёмнинг пулларини энди қандай тақсимлаймиз?» -дея маслаҳат солди.
Мен ҳали қарор матнини ўқиганим йўқ эди. Шунинг учун ундан 
«Ҳисобладингми, қанча бўларкан?» -деб сўрадим.
Укам фантастик сумма «беш юз миллион сўм атрофида бўларкан» –деди. Нафасим ичимга қайтиб кетди.
«Наҳотки???!!! Меҳрибон давлатимдан ўргилиб кетай!!!»
Пулни дарҳол хаёлан саккиз киши – етти фарзанд ва онамни назарда тутиб бўлдим. Олтмиш икки миллион беш юз минг сўм!!! Ҳар биримизга камида иккитадан «Нексия»!!! Наҳотки?!!
Наҳотки, биз ҳам БАА, Саудия Арабистони, Қатар, Қувайт каби битта фуқароси туғилса, 70-300 минг долларгача пул берадиган мамлакатлар қаторига кирган бўлсак!!!
Кўчада юрган бўлсам керак-да, қалбим қувончи анча вақтгача мени тарк этмай турди. Кейин Вазирлар Маҳкамасининг Қарорини ўқиб кўриб, ҳафсалам пир бўлди. Унда айтилишича, ўша пайтдаги 1 сўм – рубль 1,373 сўм қилиб ҳисобланаркан. Укам 1 рақамидан кейинги вергулни ҳисобга олмасдан ўша пайтдаги 1 рублни 1373 сўм бўлади, деб тушунган, оқибатда, ҳамманинг юрагини ҳапқиртирадиган фантастик суммани айтган эди. Менинг пессимистик ҳисобимга кўра, уйимиздаги, отам раҳматликдан қолган облигациялар нархи укам айтаётганидек беш юз миллион сўм эмас, балки беш юз минг сўм бўларкан. Ўша пулни уйимиздан бирон киши олдими-йўқми, ҳатто, қизиқмадим ҳам. Лекин интернетда уни расмийлаштириб олишда дуч келинган ҳангомалар ҳақида ёзишди. Бир сўз билан айтганда ўша Қонун - қарорнинг обрўси - мартабаси йўқ эди.
Ҳуқуқшунос сифатида айтишим мумкинки, Вазирлар Маҳкамасининг ўша қарори бўйича тортишиб, яъни 1992 йилдаги рублни ҳозирги Россия рубли курси бўйича ҳисоблаб ёки ўша пайтдаги ун, ёғ, бензин, гўшт нархига қиёслаб, бу пулни 20-30 миллионга айлантириш мумкин эди.
1993 йил ёзида отам беш яшарлик, тахминан 300-400 килограмм гўшт қиладиган ҳўкизини молбозорда 400.000 рублга сотиб, унинг пулини банк омонатига қўйиб, фахр билан «бу пулларни невараларимнинг суннат тўйига ишлатаман» дегандилар. Рубл синиб купон бўлди, кейин ўзимизнинг сўм пайдо бўлди-ю, ўша пул 400 сўм бўлиб қолди. Пул анча қадрсизлангандан кейин бу пул 400.000 сўмга айланди, шекилли, лекин бу пайтда банк китобчалари йўқолиб кетганди. Хуллас, Мустақилликдан кейинги молиявий секторимиз ўзининг мартабаси паст Қарорлари билан аҳолининг унга бўлган ишончини сўндирганди.
Лекин, ўша пайтда кимнинг юраги дов берарди Вазирлар Маҳкамаси билан тортишишга!!!
Шукрким, ўша пайтдаги ҳиссиётларим заҳрини бугун бемалол айтяпман. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлардаги блоггерлар Вазирлар Маҳкамасининг Қарорлари, баъзи Қонунларимизни эркин муҳокама қилишяпти. Баъзи ютуқларга эришдилар ҳам. Чунончи, «Автотест» билан бўлган ҳолатда Вазирлар Маҳкамаси ўз қарорини ўзгартирди ҳам. Демак, давлатимиз ва жамиятимиз эркинлашиб, соғлом фикрлаш анъанаси йўлга қўйиляпти!
Аввало, Президентга, кейин эса Вазирлар Маҳкамасига РАҲМАТ.


Транспорт, айниқса автотранспорт эгалари камбағал кишилар эмаслиги ҳаммага маълум. Шу сабаб, улардан турли-туман солиқлар, жарималар ундириш қадимдан жорий қилинган ва давлат бюджетини тўлдиришнинг бир манбаи ҳисобланади.
Бундан бир неча йил илгари Италиянинг Рим шаҳрида светофор чироқлари кетма-кетлиги орасидаги вақт, шаҳар мерияси томонидан атайлаб камайтириб қўйилганлиги маълум бўлиб қолиб бутун дунёга татигулик тўполон кўтарилганди.

Бизда ҳокимиятга қарши борилмайди. Лекин, инсоф, адолат деган тушунчалар бизга ёт эмас. Мисол учун, автоинспекторлар халқнинг моддий аҳволини ҳисобга олиб, баъзи бир ҳуқуқбузарликларга кўз юмади.
Масалан, хавфсизлик камари, телефонда сўзлашув қоидаларини бузиши, агарда атрофдагиларга жиддий хавф солмаётган бўлса, тезликни ошириш масалаларида адолат ҳисси кучлилик қилаётганини кўряпмиз.
Яқинда қўшни вилоятлардан бирига сафар қилдик. Мезбон фуқаро бизнинг хавфсизлик камарини тақиб олганимизни кўриб уни тақиб юрмасликни маслаҳат берди. 
–Э, нега? -деган саволимизга, меҳмон жавоб қилди:
–Агар хавфсизлик камарини тақсангиз, автоинспекторларда шубҳа уйғонади ва албатта, сизни обдон, синчиклаб текширади.
Кейин шаҳардаги ҳайдовчиларга разм солдим. Ҳақиқатда ҳеч ким камар тақиб юрмаган эди. Хавфсизлик камари тақиб юриш автоинспекторга керак эмас, айнан ҳайдовчи ва йўловчилар хавфсизлиги учун керак. Чет эл фильмларини қаранг, жиноятчи, ўғри, муттаҳамлар ҳам хавфсизлик камарини тақиб юришади. Албатта, бу кўникмага улар ҳам дарҳол келмаган.
Биздаям бу ишни қилса бўлади.
Қандай қилиб?
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекс 125-моддасида ҳуқуқбузарлик учун қуйидагича жазо тайинланган:

125-модда. Транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш
Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариш ва йўловчилар ташишда хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига, худди шунингдек мотоцикл ва мопедлар ҳайдовчиларининг мотошлемлардан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслиги - энг кам иш ҳақининг бешдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Бу дегани - тахминан 35.000 сўм бўлади.
Бу сумма кўпми, камми?
Ҳозирги пайтда кўп.
Аҳолиси 200.000лик шаҳарда, ҳеч бўлмаса, 20.000 та машина бор. Уларнинг ҳаммасига бир кунда жарима солсак, 20.000 х 35.000 = 700.000.000 сўм! Бунақа шаҳарларимиз, шукрким, бизда кўп. Камида 15 та дейлик. 15 х 700.000.000 = 10.500.000.000 сўм.
Мана сизга машинаси йўқ, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга ёрдам пули, қариялар нафақаси, талабалар стипендияси учун маблағ!!!
Лекин, сиз жазога тортилган ҳайдовчининг жаримани тўлаш тартиби билан қизиққанмисиз?
Бўлмаса, бу тадбирсиз ҳам шаҳар, туман Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимларидаги тумонат одамларнинг навбатда қандай турганлиги бир бориб кўринг.
Тасаввур қиляпсизми, ҳар бир катта шаҳар Йўл ҳаракати хавсизлиги бўлимида кунига 20.000та одам йиғилишини?! У ерда тинчликни сақлаш имконияти борми? Хўш нима қилиш керак?
Аввало, битта нарсани англаш керак. Жариманинг миқдори қанча кўп бўлса, коррупциянинг эшиги шунча катта бўлади.
Совет замонини ёдга олайлик. Гарчи автомашиналар кўп бўлмаса-да, жарималар ҳам кўп эмасди. Иккинчидан, ДАН инспекторининг қўлида йиртиб олинадиган паттаси бўларди. Ҳуқуқбузар ўша паттага мувофиқ тўловни дарҳол тўлаб қўя қоларди. СССРнинг бюджетини тўлдириш автомашиналар жаримасидан эмасди. Мамлакат ичидаги бюджет асосан ароқ-вино сотиш билан тўлдириларди. Мен бюджетни тўлдиришнинг антиқа услубини кейинроқ сизга айтаман.


Автомототранспорт воситаларини бошқаришда ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдорини кўриб чиқиб алкоголли ичимлик, гиёҳвандлик воситаси истеъмол қилиб рулга ўтирганлар, воқеа жойидан қочиб кетганларга нисбатан қўлланилган жарималар бўйича қонундаги санкцияларга розиман. Аммо, авария ҳолатларига сабабчи бўлмаган ҳоллардаги ҳуқуқбузарликлар учун жарималарни камайтириш ва шу жойнинг ўзидаёқ жаримани тўлаш шароитини қилиб қўйиш керак. Бунинг учун автоинспекторнинг машинасида пул сақланадиган алоҳида сейф, шунингдек қўлида пластик карточка орқали тўловни амалга оширувчи воситаси бўлиши керак, деб ўйлайман.
Ҳа, 2018 йил 1 июндан бошлаб кучга кирадиган Вазирлар Маҳкамасининг «АВТОМОТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИ ҲАЙДОВЧИЛАРИНИ ТАЙЁРЛАШ, ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА» 26.02.2018 й., 09/18/139/0818-сон Қарори 3-бандига қуйидаги ўзгартиш киритишни таклиф қилган бўлардим.
Аввалги матн:
3. Қуйидагиларнинг малака оширишдан ўтиши шартлиги белгилаб қўйилсин:
юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган шахслар, автотранспорт воситаларини қисқа муддатли ижара (прокат) ва лизинг асосида бошқараётган якка тартибдаги тадбиркорлар ва бошқа жисмоний шахслардан ташқари – икки йилда бир марта;
Таклиф этилаётган матн:
3. Қуйидагиларнинг малака оширишдан ўтиши шартлиги белгилаб қўйилсин:
юридик ва жисмоний шахсларга тегишли аҳолига автотранспорт (такси, шаҳарлараро автобус қатнови, шаҳар ичида такси, маршрут такси, юк ташиш) хизмати кўрсатувчи автотранспорт воситаларини бошқараётган шахслар, автотранспорт воситаларини қисқа муддатли ижара (прокат) ва лизинг асосида бошқараётган якка тартибдаги тадбиркорлар, йўловчи ташиш билан шуғулланмайдиган юридик шахсларга тегишли автотранспорт ҳайдовчилари ва бошқа жисмоний шахслардан ташқари – беш йилда бир марта;
Таклифимга шарҳ бераман.
Малака оширишнинг асосий мақсади Ўзбекистон фуқароларининг хавфсизлиги тамойилига қурилса, Қарорнинг мартабаси ортади. «Автотест» Вазирлар Маҳкамасининг Қарорига ўз номини киритиб, унинг мақсади гуманистик эмас, балки тезроқ пул топишдек таассурот уйғотиб қўйди. Шунинг учун телеканаллар орқали:
«Автотест» вилоятларда ўқишни ташкил қилади, ўқимаганлар маъмурий жарима тортилади, деган роликлар янграганда, уни эшитган кишида ижирғаниш кайфияти вужудга келди.


Зеро, Фуқаролик Кодексимизнинг 1-моддасида фуқаролик қонун ҳужжатларининг асосий негизи қандай бўлишига таъриф берилган: 
«Фуқаролик қонун ҳужжатлари улар томонидан тартибга солинадиган муносабатлар иштирокчиларининг тенглигини эътироф этишга, мулкнинг дахлсизлигига, шартноманинг эркинлигига, хусусий ишларга бирон-бир кишининг ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўйилмаслигига, фуқаролик ҳуқуқлари тўсқинликсиз амалга оширилишини, бузилган ҳуқуқлар тикланишини, уларнинг суд орқали ҳимоя қилинишини таъминлаш зарурлигига асосланади. Фуқаролар (жисмоний шахслар) ва юридик шахслар ўз фуқаролик ҳуқуқларига ўз эркларига мувофиқ эга бўладилар ва бу ҳуқуқларини ўз манфаатларини кўзлаб амалга оширадилар. Улар шартнома асосида ўз ҳуқуқ ва бурчларини белгилашда ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган ҳар қандай шартнома шартларини аниқлашда эркиндирлар».
Автотранспорт воситаларини бошқаришни ўқитувчи, сертификат беришга ихтисослашган Ўқув Марказларининг манфаати учун масалага бошқача ёндошса ҳам бўлади.
Ўзбекистонлик ҳайдовчиларни ўқитишга эҳтиёж борми?
Бор.
Серқатнов кўчаларда чапга, ўнгга, орқага қайриламан десангиз, рўпарадан келаётган ҳайдовчилар устингизга бостириб келаверади, худди, атайлаб сизнинг қайрилишингизга халақит қилиши лозимдек. Кечалари кўзни қамаштирадиган чироқларни ёқволиб, рўпарадагиларни қойил қилмоқчидек, ўз чироқларининг устунлигини намойиш қиладигандек ўчиришмайди. Ҳайдовчилар озгина нарсага ҳам ловуллашиб, бир-бирларини ҳақоратлашга тушиб кетишади. Ҳайдовчиларга жамоат жойларида ҳақорат қилиш оқибати нималигини тушунтириш керак. Бундан ташқари автоинспекторлар қандай ҳолатда уларни тўхтатиши, тўхтатганда уларда қандай ҳужжатлар бўлиши лозимлиги ҳақида ўқитилса, светофор ишламай турган пайтда ҳайдовчилар қандай тартибда ҳаракат қилишлари ҳақида тушунчаларга эга бўлса мақсадга мувофиқ бўларди. Ҳайдовчиларнинг ички маданияти, кўча маданиятидан дарс берилса жуда ўринли бўларди.
Тўғри, ҳар бир ҳайдовчи имтиҳон топшириб ҳайдовчилик гувоҳномасини олган ва ўнлаб йиллик иш стажига эга. Малака оширишдаги ўқитувчиларнинг ўзларига дарс берадиган ҳайдовчилар сон мингта.
Аммо, йўловчи ташиш билан шуғулланувчилар беш йилда бир марта малакасини ошириб турса мақсадга мувофиқ.


Иккинчидан, малака ошириш маблағини корхона эмас, балки йўловчи ташиш каби масъулиятли вазифани бажаришни ўз зиммасига олган ҳайдовчининг ўзи тўлагани мақсадга мувофиқ. Агар ҳайдовчининг ўзи ўқув курси ҳақини тўласа, унинг учун бу тадбир қадрли ҳам бўлади.
Ушбу таклиф орқали «Автотест» ва шунга ўхшаш ўқув марказлари мижозлари ортишига олиб келса, олиб келадики, асло камайтирмайди.

Энди бюджетни тўлдиришнинг антиқа йўли ҳақида.
Мана икки йилдирки Ўзбекистон осмони ва заминида Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари туфайли эркинлик шабадаси эсмоқда. Энг асосий иш ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз фуқароларига нисбатан зулмкорлик, ётсираш, ёвқараш каби ғояларнинг бошига гурзи тушиб мажақланди. Аммо, ҳали бу ғоя таг-томири билан юлиб олингани йўқ. Бунинг учун ҳужжатли, бадиий китоблар, кинофильмлар ишланиб, кенг жамоатчиликка тақдим этилиши керак. Худди бир вақтлар Россия халқи ва жамияти учун А.Солженициннинг «Иван Денисовичнинг бир куни», «ГУЛАГ архипелаги», А.Рибаковнинг «Арбат болалари» ва ҳоказолардаги каби бўлиб ўтган 
мудҳиш воқеаларга бағишланган китоблари нашр этилиши, погондаги золим ва жаллодларнинг афт-башараси бор-бўйи билан халққа кўрсатилиши керак. Зеро, адабиётнинг кучи атом бомбаси кучидандан ортиқ.

P.S. Хоҳлаган киши ёки сайтларнинг хоҳлаганча кўчириб олишига эътироз йўқ.

Мақола муаллифи: Анвар Шукуров

O'tgan sonlarda

Kosmosni tadqiq etish va undan foydalanishda davlatlar faoliyatini tartibga soluvchi tamoyillar toʻgʻrisidagi Shartnoma

Mazkur Shartnomaning ishtirokchi davlatlari Kishining kosmosga chiqishi natijasida insoniyat oldida ochilgan buyuk istiqbollardan ilhoml...